Исрофгарчилик – неъматлар заволи

0
323

Аллоҳ таоло ер юзида инсонларни мавжудотлари ичида энг улуғи қилиб яратганидан сўнг, унинг ихтиёрига заминдаги барча мол-мулкларни, ҳисобсиз ноз-неъматларни берди. Инсонлар ўз фаҳм фаросатлари, ақл идроклари билан ўйлаб кўрсалар Аллоҳ таоло инъом қилган бу неъматларнинг ҳисобсиз эканлигини тафаккур қилади ва шукроналар айтади. Қуръони каримнинг бир неча оятларида инсон бу неъматларнинг саноғига ета олмаслигини баён этади. Жумладан “Иброҳим” сурасининг 34-оятида “… Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”. Шунингдек “Наҳл” сурасининг 18-оятида “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар”деб марҳамат қилган.Буюк ва барча неъматларнинг соҳиби бўлган Зот бандаларининг бу ноз неъмат ва мол-мулкларнинг шукрини адо этиш билан бирга, уларни ҳаддан ошиб манманлик билан совуриш, исроф қилиш, риёкорлик қилишдан қайтарди. Ислом дини мўмин кишиларни ейиш ичишда, кийинишда ўрта ҳол бўлишга, исрофдан сақланишга чақиради. Жумладан қуръони каримнинг бир қанча оятларида шундай марҳамат қилинади:«(Эй Муҳаммад), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан)ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг! Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир» (Ал-Исро, 26-27).Бошқа бир ояти каримада маъносида эса: "Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш учун даъват қилинурсизлар. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур. (Чунки у ажр-савобдан маҳрум бўлур). Аллоҳ (сизларнинг хайр-эҳсонларингиздан) бой-беҳожат, сизлар эса (У зотнинг ажр-савобига) фақир-муҳтождирсизлар. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга тоат-ибодат қилурлар)!" (Муҳаммад,38).Абул Убайдайндан қилинган ривоятда айтилади: Абдуллоҳдан исрофгарлар ҳақида сўраган эдим, “Улар молни ноҳақдан сарфлайдигандар”, деб жавоб қилди. Кўриниб турибдики ноҳақдан, ҳаром-ҳалиш беҳуда нарсаларга керагидан ортиқ мол сарфлаган киши юқоридаги ояти каримага мувофиқ “мубаззирийн”, яъни исроф қилувчилар тоифасига кириб қолади. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Исрофгарчилик ноҳақ сарфлашдадир”, деб айтадилар. Яъни молни, вақтни ноҳақ сарфлашлик исроф қилиш бўлади.Ушбу ояти карималардан ҳам кўриниб турибдики исроф қилиш, исрофгарчиликка имконият яратиб бериш катта гуноҳлардан саналар экан. Исроф деганда фақат еб ичиш, кийинишгина эмас, балки вақтнинг, умрнинг, фойдаланиб қолиш лозим бўлган ўринларда лоқайдлик қилиш ҳам тушинилади. Ҳозирги вақтда ёшларнинг ёшлик даврларида ўқиб ўрганиш, бир касб-ҳунарнинг эгаси бўлиш ўрнига доимий равишда ҳар хил кўнгил очар ерларда юриши, компютер, интернет клубларида доимий равишда ўз вақтларини кетказиб исрофгарчилик қилаётганлигини кўплаб учратамиз. Ҳозирги вақтда айрим ёш йигитлар ясан-тусан ва одамларни жалб этадиган либосларни танлаш учун соатлаб вақтларини ўтказиб юбормоқдалар. Агар уларга: «Шунинг ўрнига илм олинглар. Динни яхши тушунинглар», дейилса, улар бунга кўнмайдилар. Динимиз буни қаттиқ танқид қилади.“Кимки бу дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик либосини кийдиради ва ўт ёқдириб қўяди”.Динимиз бу билан яхши кийиниш ва лаззатли таомларни истеъмол қилишдан қайтармайди, балки чиройли кийиниб юриш ва ширин таомларни ҳам истеъмол қилишга тарғиб қилади. Бир саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига эски кийимда келди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ундан сўрадилар:–         Мол-дунёинг йўқми?–         Бор.     –  Қандай мол-дунёларинг бор?–         Аллоҳ менга ҳаммасини берган.     – Агар Аллоҳ сенга мол-дунё берган бўлса, асари сенда кўриниб турсин, деб марҳамат қилдилар.Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, динимиз мусулмоннинг чиройли ва кўркам юришини хоҳлайди. Лекин бундай киши ташқи кўриниши чиройли, ичи хунук бўлган кимсадан катта фарқ қилади. У вақтини ва молини фақат ўзининг шахсий манфаати учун сарф этмайди ва исроф қилмайди, балки асосий ғам-ташвиши ҳақ йўлдан чиқмаслиги, ўз олижаноблигини сақлаши ҳисобланади. Нўмонхўжа ҲАМИДОВСергели тумани “Қуддус шариф” жоме масжиди имом-хатиби 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг