“Юнусобод оқтепа” жоме масжиди

0
713

“Юнусобод оқтепа” жоме масжиди 1946-йилда фуқаролар томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Кейинчалик, Юнусобод маҳалласи аҳолисининг кўпайиб бориши натижасида маҳалла масжидини катталаштиришга тўғри келади. Сўнгра, 30-40-кишилик масжид кейинчалик 100 кишидан кўпроқ  сиғимли масжидга айлантирилди.

Мустақиллик даврида масжид тамомила янгитдан бунёд бўлди. Масжиднинг қурилиши 1990-йилда бошланиб, 1996-йилда битириб тугатилди.

Масжид номи бевосита жойлашган ҳудуд номи билан боғлиқ бўлиб, Юнусобод Оқтепаси Тошкент ўтмишига оид кўҳна ёдгорликлардан бири ҳисобланади. V асрда бу ерда ўз даврига монанд қалъа – шаҳар қад ростлаган. У асосан пахса ва хом ғиштдан тикланган. Деворлари сопол плиталар билан безатилган. Марказий қароргоҳ, мудофаа иншоотлари ва ҳарбий мезаналар воситасида мустаҳкамланиб, теварак атрофи сув тўлдирилган хандақлар билан ўраб олинган. Шаҳарчада ҳунармандчилик, меъморчилик ва боғдорчилик ривожланган. Аҳолининг аксарият қисми меҳнат ва жанг қуроллари ишлаб чиқариш, ҳамда савдо-сотиқ билан шуғулланган.Ёдгорликни қазиш ишлари Иккинчи жаҳон уруш йилларидаёқ бошланган. Бу тарихий ёдгорлик қадимги Чочнинг илгари маълум бўлмаган саҳифаларини очиб берди. Қазишмалар пайтида Чочнинг илк ўрта асрларга оид турли моддий-маданий буюмлари, металлдан ишланган меҳнат қуроллари ва қурол-аслахалар, шиша ва сопол идиш – товоқлар, безаклар, ўйинчоқлар ҳамда тангалар топилган.Арк пештоқи ва минора панжарасини безаб турган архитектура деталлари – сопол кунгуралари, нақшинкор безак парчалари ҳам топилган. Танга­лар, кучли ёнғин изларига қараганда арк VIII аср чорагида араб халифалигининг Чочга қилган истилоси вақтида вайрон бўлган. Арк атрофидаги қишлоқ азалдан мудофаа деворлари билан ўралмаганлиги учун шаҳарга айланиб улгурмасдан ҳалокатга учраган. Шаҳар харобалари ўрнида ҳаёт VIII асрнинг иккинчи ярмида қайта жонланган. IX-XII асрларда у Бинкат вилоятининг мустаҳамланмаган қишлоқларидан бири бўлиб, мўғул босқини туфайли XIII асрда инқирозга учраган.Кейинги юз йилликларда эса, табиий кучлар таъсирида батамом нураб, ўн икки тепаликлардан иборат харобаларга айланади. Шунга қарамай, ўз тарихий-маданий аҳамиятини йўқотмайди. Зеро, Оқтепа ва ундан топилган қазилма ёдгорликларнинг қадр-қимматини ҳеч қандай бойликка тенглаштириб бўлмайди.

Имом-хатиб в.б. – Обидов Нуруллоҳ Раҳматуллаевич
Имом ноиби – Рашидов Ахмад Хамидович
Имом ноиби – Хушназаров Асрориддин Икромович

Манзил: Юнусобод тумани, Чинобод кўчаси 127-уй.  Тел. :+998 71 222 27 82

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг