“Ҳасанбой” жоме масжиди

0
230

Хасанбой ота жоме масжидининг номланиш тарихи қуйидагича таърифланади: Шайх Саййид Хасан ота Султонул орифин ҳазрати Аҳмад Яссавий эвараларидан бўлиб, қизлари Гавхар Хуштож ва жиянлари Сулаймон Абдул Алининг ўғиллари Абдул Валининг ўғиллари бўлганлар. Осиёнинг Ислом дини ўрнатилган жуда катта ҳудуди Мусулмон Шарқи номини олади. Ислом динини исломпарварлик ғояларини ва диний фалсафани, диний хақиқатни халққа, оммага етказиш учун юртимиздан етишиб чиккан олимлар, алломалар, диний илм билағонларининг ҳиссалари ниҳоятда каттадир. Шундай улуғ номояндалардан бирлари турк дунёси Шайх-ул-Машойихи Ҳазрат Аҳмад Яссавий, уларнинг издошлари ва авлодларидир.Маҳаллий оқсоқоллар, тарихчи олимларнинг айтишларига кўра Қорахонийлар даврида Аҳмад Яссавий авлодларига Ислом динини тарғиб қилиш каби муқаддас вазифаси берилади. Аҳмад Яссавий авлодларидан бўлмиш бир неча аллома ва етук дин олимлари Шош вилоятига келадилар. Булар: Қаллиқ ота, Сузук ота, Чўпон ота, Чимир ота, Қўйлиқ ота, Иброҳим ота, Шодималик ота, Парпи оталар. Улар Тошкент халқининг иззат-икромида бўлишган. Валийлик даражасига етишиб, дин аҳлини ибодатга, Аллоҳни ва ўзни танишга, эл-улусни садоқатга, она Ватанга муҳаббатли бўлишга ундаганлар. Шайх Саййид Ҳасан ота тахаллуслари Қаллиқ ота булиб, эл орасида шундай ном билан аталганлар.Яна бир маълумотда Соҳибкирон Амир Темур билан боғлиқлик борлиги акс этган. Бу маълумотга асосан, Шайх Ҳасан фарзандлари Саййид Азим Соҳибкирон Амир Темур яқинларидан бўлганлар. 1367 йилда Амир Темур Тошкент каласига келиб бетоб бўлиб қоладилар. Тошкентлик машхур табиб Хўжахон табиб Саййид Азим ҳонадонларида Амир Темурни даволайдилар. Соҳибкироннинг тўла яхши бўлиб кетишларида Саййид Азимнинг оналари Адолат момонинг ҳиссалари кўп сингади. Амир Темур бу момодан кўп меҳр кўриб, Адолат момони “Она” тутунадилар ва улар номларига катта бир масжид қурдирадилар. Бу масжиднинг номини Оқ масжид деб атайдилар. Ҳасан ота масжиди аслида ўша Оқ масжиддир. Кейинчалик ҳам Соҳибкирон аскарлари ушбу жойда бир неча бор қишни утказадилар.Шайх Саййид Ҳасан (Қаллиқ ота) етук диний олим бўлиб, валийлик даражасига эришадилар. Умрининг охиригача Ислом дини каломларини, диний ҳақиқатни оммага етказиб, халқ орасида катта обрўга эришадилар. Халқ эъзозлаб “Ота” дейишган. Улар 91 ёшларида вафот этадилар. Қабрлари Қаллиқ ота кабристонида жойлашган.Жунғор босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан курашган Ҳасанбой аҳли орасида диний олимлар, масжид хизматчилари ҳам бор эди. Бу мардликлар олдида лол қолган душман босқиндан сўнг Ҳасанбой аҳлини гаровга олиб, масжидни ёндириб ташлайдилар. Шунингдек, Чор Россияси босқинида ҳам масжид жиддий зарар кўради. Шўро ҳукумати даврида масжид омборга айлантирилиб, диндорлар ва масжид аҳли ҳайдаладилар. Шунча воқеаларни бошдан кечирган Саййид Ҳасан ота масжиди ҳозирги кунда Мустақиллигимиз шарофати ила обод бўлди. 1991 йилдан масжидда ибодатлар адо этила бошланди.2010 йилда масжид янгидан қайта таъмирланди.

Имом-хатиб – Усмонов Абдиманнон Мизрабович
Имом ноиби – Лутфуллаев Шуҳратилла
Имом ноиби – Фатҳуллаев Ҳилолиддин Хайрутдинович
Имом ноиби – Мирзачаев Адхамжон Асқаржонович

Манзил: Юнусобод тумани, Ориф Соипов кўчаси 10 уй.  Тел. :+998 71 224 70 89

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг