“Минор” жоме масжиди

0
601

Истиқлол йилларида мустабид тузуми даврида ҳаробага айлантирилган муқаддас қадамжолар, муҳим тарихий обидаларни қайта тиклаш билан бир қаторда янги анъанавий услубдаги мўътабар масканларнинг бунёд этилиши халқимиз маънавий тараққиётини белгилаб берувчи омиллардандир. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита ғоя ва амалий таклифлари асосида бунёдга келган шаҳримиздаги муҳташам “Минор” масжиди ана шу фикрлар далилидир. Мазкур масжид ўз лойиҳасида миллий меъморчилигимизнинг, бутун дунёда машҳур бўлган масжид ва мадрасаларнинг азалий анъана ва услубларидан ижодий фойдаланилганлиги билан ҳар жиҳатдан бетакрор, муаззам мажмуа бўлиб қад кўтарди.

Масжидга “Минор” номининг берилиши унинг шу номли маҳаллада жойлашганлиги сабаблидир. “Минор” аслида арабча “манор” сўзидан олинган бўлиб, “маёқ”, “баландлик” каби маъноларга далолат қилади. Мазкур маҳалла оқсоқолларининг айтишларича, қадимда бу маҳалла шаҳарнинг бошқа ҳудудларига нисбатан баландликда жойлашган.

2014-йилнинг 4-октябр санаси Муборак Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, меъмор ва қурувчилар, маҳалла оқсоқоллари ҳамроҳлигида Минор масжидининг очилишида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари масжиднинг ички ва ташқи кўриниши, баҳаво айвонлари, миллий ўймакорлик санъати асосида ишланган устунлар, бино қуббасидаги олтин суви билан зийнатланган нақшу-нигорларни кўздан кечириб қўли гул усталаримиз ижодига юксак баҳо берди.

 Биринчи юртобишимиз эзгулик масканини зиёрат қилиш чоғида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан: “Нима учун Ўзбекистонимизнинг маданияти бу қадар қадимий деган савол берилса, аввало динимиз, туфайли. Муқаддас ислом динимиз бўлмаганида биз бу қадар маданиятга эга бўлмас эдик, дея жавоб берган бўлар эдим.

Аввало бундай ибодат уйлари халқимиз учун. Мард ва жасур, турли оғир замонларда матонат ва чидамлик кўрсатган халқимиз учун!Ўзбекистонимизнинг жаҳон даражасида эътироф этилаётган турли йўналишлардаги ютуқларни қўлга киритаётгани, иқтисодиётимизнинг ўсиб бориши, халқимизнинг тобора ҳаёт даражаси, ҳаёт сифатининг ўсиб бориши, энг муҳими кишилар бугунги тинч осуда ҳаётидан рози бўлиб яшаётганлигининг сабаби-Аллоҳнинг марҳаматидир. Тангримиз бизни Ўзи асрамоқда, Ўзи йўлимизни очиб бермоқда дея таъкидлаган эдилар.

Масжид барча замонавий шарт-шароитлар ва қулайликларга эга. Масжид хонақоҳи, пастки қаватдаги хонақоҳ, имом ва ноиБлар ҳамда бошқа барча ходимлар хоналари ҳам замонавий иситиш ва совутиш тизимлари билан таъминланган.

Масжиднинг тўлалигича оқ мармар билан қопланганлиги унга ўзгача гўзаллик, улуғворлик ва ҳашамат бахш этиб туради. Қадимий ва замонавий меъморчилик санъатини ўзида мужассам этган бу иншоот ўзининг мафтункорлиги билан зиёратчиларни ўзига ром этмоқда. Юртимизнинг моҳир ва қўлигул усталари томонидан ишланган эшик-ромлар, ўймакорлик санъати қўлланган нақшинкор устун ва тоқилар зиёратчилар кўзида масжидни том маънода санъат асарига айлантиради. Шунингдек, масжиднинг атрофи майсазорга айлантирилган квадрат майдончалар билан безалган бўлиб, мазкур майдончаларнинг ичига турфа хил манзарали дарахтлар экилган. Тротуарлар четига дам олиш учун скамейкалар ўрнатилган. Истироҳат боғига айланган масжиднинг ташқи ҳовлиси масжид рангига монанд бўлган оқ чироқлар билан безатилган. Масжиднинг олд тарафидаги фаввора ҳам масжид гўзаллигига гўзаллик қўшиб туради ва одамларни ўзига жалб этади.

“Минор” жомеъ масжиди умумий майдонига жами 7000 дан ортиқ намозхонга мўлжалланган. “Минор” жомеъ масжидининг умумий майдони 4.5 гектарни ташкил этади.

Масжид минорасининг баландлиги 45 метрни ташкил этса, мовий гумбаз 34 метр баландликда жойлашган.

Масжид тўлиқ бетондан кўтарилган. Деворларнинг икки томонидан махсус қопламалар билан Хитойдан келтирилган сунъий оқ мармарлар билан қопланган.

Масжид ўнг ва чап айвонларидаги тўққиз донадан ўн саккиз дона устунлар, масжиддаги турли ўлчамдаги ўттиз бир дона эшиклар Европанинг Украина давлатидан келтирилган Украинский Бук дарахтидан, Тошкент шаҳридаги “Ижод – ижод” ҳунармандлар уюшмаси томонидан ёғоч ўймакорлик ишлари амалга оширилган.

Масжид ҳонаҳоҳининг умумий майдони 1326 кв метрни ташкил этади. Масжид меҳроби Самарқанд вилоятидаги Регистон мажмуаси Тилла Кори жоме масжидининг меҳробидан нусха олинган. Ушбу масжид қурилишида республикамизнинг барча вилоятидан моҳир усталар жалб этилган ва миллий ҳунармандчилигимизнинг гўзал намунасини ушбу масжидда кўрсатиб беришган.

Масжид меҳробининг ўнг томонида “Аллоҳ”, чап томонида эса “Муҳаммад” исмлари моҳирлик билан хаттотлар томонидан ёзилган. Меҳробнинг ён томонларида Қуръони карим “Бақара” сурасининг 285-286 оятлари ёзилган.

Бугунда ушбу муаззам мажмуа шаҳримиз кўрки бўлиб, халқимизнинг суюкли фарзанди, биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовдан қолган мўтабар ёдгорликлардан бири бўлди. Юртдошларимиз ва юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар бу жойни кўрмасдан, зиёрат қилмасдан қайтмайдилар. Ва албатта бундай гўзал ибодат уйларини барпо этган муҳтарам биринчи юртдошимизнинг охиратлари обод бўлишини, жойлари жаннатларда бўлишини тилаб дуолар қиладилар.

Имом-хатиб – Турсунов Анвар қори Қўчқорович
Имом ноиби – Давлатёров Мирзаискандар Дадахонович
Имом ноиби – Кабиров Муроджон Шавкатович
Имом ноиби – Ширинов Фаҳриддин Шарифович

Масжид веб-сайти: www.minor.uz
Манзил: Юнусобод тумани, Минор маҳалласи Минор берк кўчаси 1-уй.  Тел. :+998 71 235 17 33.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг