“Ҳувайдо” жоме масжиди

0
572

Ҳозирги масжид ҳудуди Собиқ иттифоқ даврида Жарариқ мавзеси, Ҳувайдо маҳалласидаги қабристон бўлиб, унинг атрофи қаровсиз ерлар бўлган. 80-йиллар охирида маҳалла фаоллари бу ерларга масжид барпо этиб, ибодат ва маърифат маскани сифатида жойни обод этишни ният қиладилар.

Юртимиз мустақилликка эришгач, 1991-йилда маҳалла аҳли масжид қурилишига расмий рухсат олишади. Эски қабристон ўрни бошқа ерга кўчирилиб, унинг ўрнига масжид қурилиш ишлари бошлаб юборилади. 1993-йилда масжид қуриб битказилди ва шу йилдан фаолият кўрсата бошлади.

Масжид номи маҳалла номи билан юритилиб Хўжаназар Ҳувайдо (1704-1780/81) номи берилган. Ҳувайдо (тахаллуси; асл номи Хўжаназар Ғойибназар ўғли) (1704 — Ўш шаҳри — 1780/81, Фарғона вилояти Чимён қишлоғи) — шоир, тасаввуф шеъриятининг йирик вакили. Қўқон мадрасаларида ўқиган. Қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Қашқардаги Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган, Чимёнда масжид ва хонақолар қурдириб, эшонлик қилган.Ҳувайдо девонида келтирилган бир нақлга кўра, Ҳувайдога «Хўжаназар» исмининг қўйилиши ҳам Офоқхўжа билан боғлиқ. Ҳувайдо мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган. Ҳувайдо ахлоқий-дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоирдир. Ҳувайдо ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Яссавий, Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳувайдо мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.

Ҳувайдо шеърлари вафотидан сўнг набиралари томонидан д

евон ҳолига келтирилган. Унга шоирнинг 351 ғазал, 28 рубоий, 41 тўртлик, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 мустазод, 3 маснавий ҳамда ахлоқий-дидактик мазмундаги «Роҳати дил» манзумаси кирган. Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилувчи, тавозеъ, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган («Дариғо, ҳайф, одам…», «Куйгай», «Кимга бориб дод этайил..» ва б.). Ҳозирги кунда Чимён қишлоғидаги “Ҳувайдо” мақбараси зиёратгоҳга айлантирилган ва обод қилинган.

Имом-хатиб – Хуназаров Муродуллох Ғайназарович

Имом ноиби -Жўраев Фарҳод Абдусамадович

Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Хувайдо 2-тор кўча 49а-уй. Тел.: +998 71 249 96 17

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг