“Шайх Зайниддин” жоме масжиди

0
1264

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди ва “Шайх Зайниддин ота” қабристони тахминан 700 йиллик тарихга эга. Профессор Омонулла Файзуллаевнинг Шайх Зайниддин бобонинг тарихини ўрганиш бўйича хулосасига қараганда, У Зотнинг тўлиқ номи Шайх Зайниддин Кўйи Орифони Тошкандий ибн Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Сухравардий бўлиб, 1164 йилда туғилган ва 1259 йил 95 ёшларида вафот этганлар. Оталари Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Сухравардий Ироқ мамлакатининг Хоразмшоҳ давлатидаги элчиси бўлиб, 25 йил хизмат қилган. Шайх Зайниддин бобо шу даврда Хоразмдан Тошкентга келиб қолганлар. Шайх Зайниддин бобо Тошкентга яқинлашганларида, шаҳарнинг Кўкча дарвозасидан бир неча чақирим нарида туя тўхтаб чўкади. Шайх Зайниддин бобонинг масканларига айланган ушбу жой, кейинчалик, Кўкча даҳасига айланади ва Орифон қишлоғи пайдо бўлади. Сўнгра бу ерда Ҳазрати Шайх Зайниддин бобо дафн этилиб, “Шайх Зайниддин бобо” қабристонига айланади. Қабристон Тошкентнинг ғарбий қисмида. Майдони 8-9 га. Бу қабристон XIX-асрда шаҳардаги энг йирик қабристонлардан бири бўлган.

Ўша даврда у ерда фақат чиллахона ва ҳужралар, кейинчалик масжид қурилган. У Зотнинг ўлимларидан 132 йил кейин Соҳибқирон Амир Темурнинг Шайх Зайниддин бобо қабрлари зиёрати натижасида ул зотга ихлос ва ҳурмат кўрсатиб мақбара қурдирган. Мақбара шу кунгача бир неча бор таъмирланган. Мақбаранинг орқа томонида “Чиллахона”-саккиз томонли, юқориси гумбаз сифатли бино қад кўтариб турибди. Салоҳиддин ибн Алоиддин Тошкандийнинг “Темурнома” китобида шундай дейилади: “Амир Соҳибқирон Туркистон ичра қабри шарифларга марқад кўтариб, иморати олий қуриб, қанча ерларни вақф қилиб, андин кейин яна Ҳазрат Зайниддин Кўйи Орифонга Кайковус сувидан наҳри азим чиқариб, қул-чўри бирла назр этиб, қабрлари узра гумбаз кўтариб, андин кейин Занги отани муборак қабрларини бино қилдилар”.

“Сирли олам” журналининг 1998-йил август сонида Қаҳрамон Назаров томонидан эълон қилинган “Шайх Зайниддин Кўйи Орифон ҳазратлари” ва “Тошкент оқшоми”газетасининг 1998 йил сентябрь сонида Профессор Омонулла Файзуллаев томонидан эълон қилинган “Шайх Зайниддин бобо Тошкандий ҳақида” мақолалари билан танишган киши Шайх Зайниддин бобонинг нафақат тариқат муршиди, балки фалакиёт илмининг билимдони ва ер ости йўли қурилишининг муҳандиси эканлиги ҳақида ҳам тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш мумкин.ЎМИга қарашли “Шайх Зайниддин” жоме масжиди “Шайх Зайниддин” мақбараси ёнида жойлашгани учун, масжид 1943-йилда очилгандан буён шу ном билан аталади. Халқ тилида “Кўкча”, “Шайх Зайниддин бува” номлари билан юритилади.

Масжиднинг қадимий биноси XIX асрнинг охирида қурилгани, масжид ҳовлисидан ўтган анҳор сувининг таъсири ва Тошкент зилзиласининг оқибатида яроқсиз ҳолга келиб қолади.Юртимиз мустақилликка эришгач, миллий-маънавий қадриятларимизни тиклаш борасида олиб борилган ислоҳотлар қаторида муқаддас динимиз ва табаррук қадамжоларга мансуб масканларни обод этиш доирасида 1995-1997-йилларда Маккалик юртдошларимизнинг ҳадя маблағи ҳисобидан масжид биноси бутунлай қайта қурилди. Кўкка бўй чўзиб турадиган осмонўпар минора ва маҳобатли гумбазни бошида кўтариб турган кўркам хонақоҳ қуриб битказилди.

Шунингдек, 2011-2013-йилларда ҳам масжид биносининг ички қисми капитал таъмирдан чиқарилди. Таъмир жараёнида масжид интерьери учун хос бўлган хаттотлик санъати, ганч ва ёғоч ўймакорлик ишлари кенг қўлланилди. Бугунги кунда “Шайх Зайниддин” жоме масжиди юртимиздаги энг кўркам ва салобатли масжидлардан бири сифатида шаҳримиз кўркига зеб бўлиб келмоқда.

Имом-хатиб – Абдукаримов Ҳусниддин Тожиддинович
Имом ноиби – Убайдуллаев Довудхон Ибрагимович
Имом ноиби – Аминов Муҳаммадлоиқ Абдувоҳидович

Манзил: Шайхонтоҳур  тумани, Маннон Уйғур кўчаси-378 уй.  Тел.: +998 71 243 25 22
Масжид расмий веб-сайти: www.muxlis.uz

Масжид тасвирига оид баъзи суратларни www.muxlis.uz веб сайти тақдим этган.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг