Бола азиз, одоби ундан азиз

0
351

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул  қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланадиОта-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.                                         (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-модда)Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда фарзандларимизни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мантиқан бир-бирини тўлдирувчи “Оила йили”, “Соғлом авлод йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Ёшлар йили” ва “Соғлом бола йили”да амалга оширилган барча ишлар ҳамда ёшлар тарбияси ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил давлат сиёсатининг амалий ифодаси ҳисобланади.Шу маънода муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов: “Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу-орзу ва интилишлар билан яшайди”, деб айтган сўзлари фарзандларимиз жамиятнинг бирламчи бўғини эканлигини исботлайди.  Яна, Президент Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Бугунги кунда оддий ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши керак: Олдимизда турган энг улуғ мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган болаларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир”.Ҳақиқатан ҳам бола тарбияси ҳаётий зарур масаладир. Ҳар бир оиладаги тарбия боланинг гўдаклигиданоқ бошланади, бола ҳаётининг кўп қисмини оилада ўтказади.Умуман, ҳар қандай оиланинг мустаҳкамлиги, оилавий тарбиянинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги кўп жиҳатдан оилада қарор топган ўзаро муносабатларга, уларнинг маънавий-ахлоқий иқлимига боғлиқ. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)нинг бир неча Ҳадисларида айтилганидек, ота-оналарнинг фарзандларига қолдирадиган энг катта мероси уларга ўргатадиган ахлоқи ва одобидир.Шарқ мутафаккирлари ҳам боланинг оиладаги тарбияси хусусида ўз асарларида жуда кўп тўхталиб ўтганлар. Жумладан, буюк аллома ва мутафаккир Абу Али ибн Сино ўзининг “Донишнома” асарида бола тарбияси учун аввало ота-она масъуллигини таъкидлайди. Шу билан бирга аллома ўз асарида ота-онанинг илмли, фозил ва дунёқарашлари кенг бўлишликларини алоҳида уқтириб, фарзанд тарбиясидан масъулиятлироқ иш йўқлигини очиб беради.            Абу Али ибн Сино ёш болани яхши аҳлоқли, жисмонан соғлом қилиб камол топтиришда шахсий намуна бўлиш усулини кўп уқтиради: “Бола тарбиясида энг аввало оила ҳаётини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, хатто, энг оддий бўлиб кўринадиган оилавий муносабатлар ҳам болага таъсир кўрсатади. Айниқса, ростгўйлик, самимийлик, садоқатлик ва ширин суҳан бўлиш бола камолотидаги муҳим ҳаётий воситалардан биридир.”Улуғ мутафаккир Кайковус ҳам ўзининг “Қобуснома” номли асарида фарзандни ақл эгаси бўлишни ҳамма нарсадан улуғ деб билиб, шундай насиҳат қилган эди: “Агар молсизликдан қашшоқ бўлсанг, ақлдан бой бўлмоққа харакат қил, чунки мол ила бой бўлмоқдан, ақл ила бой бўлмоқ яхшироқдур. Ақл ила мол жам этса бўлур, аммо мол ила ақл ўрганиб бўлмас.  Билки, ақл бир қимматбаҳо нарсаки, уни ўғри ололмас, у ўтда ёнмас ва сувда оқмас”.Бола тарбиясининг энг муҳим жиҳати, бу ота-онанинг сабр-тоқатли, хотиржамлиги ва ҳамжихатлигидадир. Аммо оила нотинч бўлса, бола на боғчада, на мактабда ва на ташқи ҳаётда ўзини юриш-туриши-ю, идрокига жавоб бера олади. Бундай муҳитда ўсган боланинг асаби толиқиб, сержахил бўлиб қолади ва у вояга етгандан сўнг ўзбошимчалик билан ғайритабиий ҳамда ғариқонуний ишлар қилишгача бориб етади. Олимларнинг фикрига кўра ота-оналарнинг оиладаги масъулиятини қуйидагича белгилаш мумкин:–        Болага соғлом турмуш тарзи, илк ҳуқуқий, иқтисодий билимларни бериш, аҳлоқ-одоб меъёрларига ва тиббий-гигиеник талабларга риоя қилишни уқтириб бориш;–        Қизиқишларига қараб бўш вақтни тўғри тақсимлашни ўргатиш;–        Спорт билан шуғуллантириш, турли харакатли ўйинлар, машқлар орқали болани чиниқтириш, уни экологик ва эстетик жиҳатдан тарбиялаш;–        Болаларнинг жинсини, яъни ўғил ёки қиз болалигига қараб тарбияга хос алоҳида хусусиятларига эътибор қаратиш, суҳбатлар ташкил этиш;–        Дунёвий ва диний билимларни эгаллашга жиддий эътибор бериш ҳамда болалардаги ватанпарварлик туйғуларини ўстириш мақсадга мувофиқдир.Фарзандни қандай бўлса шундайлигича, яъни ўзининг алоҳида ҳусусиятлари, одатлари билан қабул қилиниши бола шахсининг такрорланмаслигини, ўзига хослигини тушуниш ота-онага катта сабр ва масъулиятни юклайди. Фарзанд ота-она онгида улар истагандек мукаммал шахс бўлмаслиги мумкин, лекин уларнинг дунёқарашини ривожлантириш, камчиликларини, ҳиссиётларини, ҳар бир боланинг ўзига хослигини, табиатан берилган иқтидорини сезиб тарбиялаш ота-онага юкланадиган вазифадир. Бунда оиладаги кексаларимиз, яъни бува ва бувиларнинг ҳам фарзанд тарбиясида катта ҳиссаси бўлади. Оиладаги боланинг ривожланишида, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамланишида, атрофидагиларни ҳурмат қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш ва бирдамликда ҳаракат қилишга ўргатишда уларнинг ўрни беқиёсдир. Ота-она, бува-бувилар ўз ҳаёт фаолиятларида учратган қийинчиликлар, йўл қўйган хатоларни тўғри талқин қилиб фарзандларга тушунтиришлари ва уларда ўзига бўлган ишонч, меҳнатсеварлик ҳамда сабр тоқат ҳиссини шакллантирадилар. Ота-она ўз боласини хато ва камчиликларини юзига солишдан, бошқаларга намуна қилиб кўрсатишдан қочиши керак. Бу ҳолат болада келажакка бўлган ишонч ва интилишларни кучайишини таъминлайди. Болага “Сени бугунги ишинг яхши, эртага бундан ҳам яхши бўлади” – деган фикрни билдириб туриш яхши натижалар беради. Тарбиянинг бу йўли боланинг руҳий ва жисмоний саломатлигини мустаҳкамлайди, олдига қўйган мақсади йўлида ички ва ташқи келишмовчиликларни камайтиради ва ўзига бўлган ишончни таъминлайди.Хулоса қилиб айтганда юқорида тилга олинган тарбия шаклларини амалга оширишнинг энг қулай йўли – аввало ота-оналарнинг маънавий билим савиясини ошириш, уларда соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантиришдир. Бу эса ҳар бир ота-онанинг ўз фарзанди олдидаги, эл-юрт олдидаги бурчини тўғри англашни, инсоннинг дунёга келиши ва камол топиб ривожланишига оид қонуниятларни пухта билишни, оилавий муносабатлар доирасида миллий урф-одат ва анъаналаримизни энг нодирларини турмушга сингдириш орқали болаларда миллий қадриятларимизга бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотишни ва уларни  мустақил фикрлайдиган кишилар қилиб тарбиялашни тақозо этади.                                                                                                                                                                                                                                                           Аброр АЛИМОВЧилонзор тумани "Қатортол" масжиди имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг