“Ҳожа Аҳрор Валий” жоме масжиди

0
501

“Ҳожа Аҳрор Валий” номидаги жоме масжиди Тошкент шаҳрига кўрк қўшган салобатли бинолардан бири ҳисобланади. Масжиднинг илк биносини Ҳожа Аҳрор Валий Убайдуллоҳ барпо этганлар.

Ҳожа Аҳрор Валий Убайдуллоҳ 1404 йилда Тошкент шаҳрида туғилганлар. Оталари Ҳожа Маҳмуд бўлиб Муҳаммад номли Бағдодий авлодларидандир. Тошкентлик Қаффол Шошийдан сабоқ олиш учун Тошкентга келиб шайх Ҳованд Тоҳурнинг набираси Ҳожа Довуднинг қизларига уйланадилар.Тошкентда 24-25 ёшларигача сабоқ олиб, сўнг Самарқандга бориб, мадрасада ўз илмларини оширадилар.Шайх Умар  Боғистоний Ҳожа  Аҳрорга таълим бериб  шундай деганлар: “Мулла бўлма, сўфи бўлма, мусулмон бўл (яъни мусулмон  бўлмоқ  фуқоро манфаътларини  кўзлаб  яшамоқ  деганидир)”. Шу сабабли  барча фуқаролар ўз молларини Ҳожа Аҳрор Валий номига ўтқазиб, олинадиган солиқларни  камайтириб тўлаганлар. Натижада барча мол-мулк Ҳожа Аҳрор Валий номларига ўтиб  қолган. Ўша солиқлардан масжид, мадрасалар  қурилган. Камбағалларга ёрдам қилинган ва камбағаллар  бўйинларидаги 70.000 динор қарзни тўлаб уларни озод этадилар. Ул Зот 1490-йил  феврал ойида Самарқандда вафот этадилар.

Ҳожа Аҳрор Валий ўз даврида нафақат Тошкентда, балки Самарқанд,  Бухорода  ҳам  масжид ва мадрасалар қурдирганлар. Ана шундай иншоотлардан бири Тошкентнинг Чорсу майдонида жойлашган бўлиб, Ҳожа Аҳрор Валий номидаги жоме масжиди  ва “Кўкалдош” мадрасаларидир. Ҳақиқий Ҳожа Аҳрор Валий жоме масжиди  хозирги қурилган ўрнидан сал шимолроқда  жойлашган эди. 1875-йилда Чор Россияси босқинчилари томонидан бу муқаддас  бино таг-туги билан текислаб, бузиб ташланган. Ваҳоланки бу жой шаҳар бош жоме масжиди бўлиб, “Усмон Қуръони” шу ерга келтирилган эди. Масжид  буздирилгач Усмон мусҳафи Самарқандга олиб кетилган. Масжид буздирилгандан кейин 1886-йилда ерли халқ исёнидан қўрққан истеълочилар масжид биносини қуриб беришган. Бу маълумотни исботловчи битик 1997-йил 5-март куни масжид пойдеворини бузиш пайтида топилади. Унда шундай сўзлар битилган эди: “Мечет с/я построен мая 1886г”. Аммо мазкур бино масжид бўлмай, келгусида черковга мўлжалланган эди.

Масжид биноси ичида  меҳроб ўрнига икона ўрнатадиган хоччалар  қилинган  эди. Юртимиз мустақилликка эришгач, миллий қадриятларимизни тиклаш, аждодларимиздан қолган моддий-маданий ва маънавий-маърифий бойликларни асраб авайлаб келажак авлодга етказиш борасида олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамасининг 1996-йил  26-январдаги Фармойишига асосан  Ҳожа Аҳрор Валий масжиди тўлиқ қайта тикланди. Шунингдек, 2013-2014-йилларда ҳам масжид катта хонақоси таъмирланиб, юртимиздаги энг кўркам ва салобатли масжидлардан бири сифатида шаҳримиз кўркига зеб бўлиб келмоқда.

Имом-хатиб – Ахроров Исомиддин Исмоилович
Имом ноиби – Толибов Ўткир Абдусаломович
Имом ноиби – Пўлатов Тоҳиржон Абдухалилович
Имом ноиби – Ўрозов Сайфутдин Саидмуродович
Имом ноиби – Қўлдошев Қаҳрамон Беғамович

Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Чорсу майдони, Гулзор маҳалласи, Ҳақиқат кўчаси, 22-уй. Тел.: +998 71 242 23 88

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг