“Сузук ота” жоме масжиди

0
927

“Сузук ота” жоме масжиди тарихий манбаларда ёзилишича Амир Темур томонидан 1292-1294 йилларда қурилган. Ушбу ноёб тарихий-меморий обида эл ардоғида 1936-йилгача фойдаланиб келинган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида маҳаллий саноат соҳасидаги турли корхоналарнинг цехлари иш юритганлар. Натижада, тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб ҳаробага айланган. Мустақиллик шарофати сабаб, масжид биносидан корхоналар кўчириб юборилди ва масжидни тиклаш ишлари бошлаб юборилди.

1998-йил бошида масжиднинг хонақох қисми таъмирланиб, расман фаолият юрита бошлади. Масжидга Сузук ота номининг берилиши тарихда ушбу ном билан машҳур бўлган шахс билан боғлиқдир. Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли Мустафоқул 1140 йилда Сайрамда таваллуд топган. Болалик чоғида бобоси Аҳмад Яссавий хизматига борганда, бобосининг назар мубораклари тушиб, муҳаббат ила: “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”- деб қарши олганлар. Шу-шу, Мустафоқулни яқинлари Сузук деб атай бошлайдилар. Отаси Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан  бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган. Кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш ва обод қилиш учун Сузукота туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ва яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берилгач, илм ва ҳунарни кенг оммага жорий қилишни бошлаб юборишган.Маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи деб ҳам аташган. Кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузукота 1240 йили вафот этган. Шундан бери бу жой Сузук ота маҳалласи деб аталиб келинган.

Буюк саркарда Амир Темур Тошкентда кўплаб масжид-мақбаралар қурдирганида Яссавийнинг эрка набираси Сузук отага ҳам атаб мақбара масжид ва мадраса бунёд эттирган. XX асрдан бошлаб маҳалла номи бир неча марта “Бауман”, “Қахрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилган. Мустақилликдан сўнг, 1992 йилдан бошлаб қайтадан Сузук ота маҳалласи деб атаб келинмоқда.

2017 йилнинг 26 май куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.

“Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим”, деган эдилар.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ила юртимиздан етишиб чиққан олимлар, алломалар, фан арбоблари, рассомлар ва бошқа маърифатпарварларнинг меросини ўрганиш, улар қўним топган қадамжоларни ободонлаштириш, халқимизга улар ҳақида тўлароқ маълумот бериш ишлари амалга оширилди. Жумладан, азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида “Сузук ота” жоме масжиди ва зиёратгоҳ мажмуасининг қурилиши халқимизга муносиб туҳфадир.

28 Август куни эзгу ниятлар ила масжидининг биринчи ғишти қўйилди. Ҳозирда кенг кўламда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Имом-хатиб – Суфиев Аюбхон Солихонович
Имом ноиби – Юнусов Жалолиддин Абдураҳим ўғли

Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Сузук ота кўчаси, 50-уй. Тел.: +998 71 245 75 88

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг