Сувга эъзоз кўрсатинг!

0
288

Ҳамкасбимнинг хонасига кириб, ғалати ҳолатга кўзим тушди: компьютер қаршисига… юзаси кенг идишга сув қуйиб қўйилган экан. Айтишларича, монитордан таралувчи зарарли нурларни “ютар” эмиш. Ажабо! Бу қанчалар ҳақиқат, билмадиму, ичкин бир ҳис ишонишга даъват қиларди. Ахир бани одам яралибдики, бу неъматдан фақат яхши кароматлар кўради. Шаффоф идишда алланечук жимирлаб турган кўм-кўк оби ҳаётга термулиб турарканман, қалбим-да алланечук мавжланиб кетди. Нақадар тиниқ ва чиройли. Нақадар буюк мўъжиза бу – сув!  Ҳа, уни мўъжиза деб аташга асосларимиз етарли. Сув бизни қондиради, поклайди, ҳатто даволайди. Ўзигагина хос хусусиятлари ҳам бисёр. Мана, илмий манбалардан олинган бир нечтаси: барча суюқликлар музлаганда тораяди, сув эса кенгаяди. Ҳар қандай модда қаттиқ ҳолида суюқлигига қараганда оғир бўлади, сувда эса бунинг акси. У ўзини ўзи тозалаш хусусиятига эга. Муз унинг юзасида қалқиб туради, физик қонунларга кўра чўкиб кетмайди. Фақат ўтган асрдагина олимлар бу шунчаки табиатнинг инжиқлиги эмаслигини пайқаб қолишди. Зеро, агар муз сувга чўкканида ҳавзалар туб-тубигача музлаб, улардаги ҳаёт тўхтаб қоларди. Демак, табиат сувга ҳаётни рағбатлантириши учун алоҳида хусусиятлар ато этган.Олимларнинг фикрига кўра, сувнинг ҳар қандай ҳажми битта молекула экан. Гап шундаки, сув – дипол, яъни манфий ва нисбий магнит қутбларига эга заррачадир. Ва ундаги барча молекулалар зудлик билан бирлашиб олади: манфий қутблилар нисбийси билан ва аксинча. Шундай экан, пиёладаги сув ҳам битта, Тинч океандаги сув ҳам битта, ягона молекула.Эҳтимол, оби ҳаётнинг энг нодир хусусияти – ахборот таший олиши ана шу яхлитлик билан боғлиқдир? Нима бўлганидаям, бу бағоят ажабтовур хислат: сув нимаики ахборот бўлса, эслаб қолади. Ҳа, унинг хотираси бор! Швейцариялик олимлар буни тасдиқловчи ҳайратомуз тажриба ўтказишди. Улар Женева кўлининг қирғоқ сувида бир нечта туз заррачаларини эритишди. Сўнг нариги қирғоқда ускуналар ёрдамида текширув ўтказишди ва… туз эмас, туз ҳақидаги хотира маълумотини қайд этишди. Қирғоқдаги тузнинг ўзини аниқлашга ускуналарнинг сезувчанлиги етишмаган бўларди. Аммо кўл ҳовузидаги улкан молекула ушбу хотирани қандай бўлса шундайлигича сақлаб қолган.Биологларнинг аниқлашича, сув тирик организмларни нафақат суғоради, балки улар бўйлаб ахборот ташийди. Айнан сув воситасида тирик жисм органлари бир-бирининг ҳолатидан бохабар бўлиб, қандай функциялар зарурлигини билиб туришади. Сув бу ахборотларни қаердан олиши тўғрисида эса фақат тахминлар қилиш мумкин. Умуман олганда эса, унинг аслида нима эканлигини одамзот ҳали тўлиқ англай олгани йўқ. Ҳозиргача сувнинг олимлар изоҳлай олмаётган 43 та хусусияти аниқланган.Ушбу йўналишда изланаётган давримизнинг тенгсиз олими Масару Эмотонинг муз кристалларини ўрганиш борасидаги тадқиқотлари билан дунёнинг ярмидан кўп аҳолиси таниш бўлса керак. Унинг фикрича, сув атроф оламдаги барча ходисалардан таъсирланувчи ўта сезгир тирик структурадир. У ҳатто мусиқани «тинглай» олади. Ҳа-ҳа, Бетховен симфонияси янграганда бир хил кристаллар, Моцарт мусиқаси остида бошқа хилдагилари ҳосил бўлади. Шопен оҳанглари Бах органи садоларига қараганда мутлақо бошқача кристалларни пайдо қилади… Янада ҳайратланарлиси шундаки, сув бизнинг туйғуларимизга жавоб беради. Кўплаб тажрибаларда аён бўлишича, биздаги ижобий ва салбий ҳис-туйғулар сувнинг таркибини ўзгартириб юборади, сифатига қараб гўзал ва бадбуруш кристаллар ҳосил қилади.Сувнинг хусусиятларини ўрганиш бўйича буғдой билан ўтказилган тажрибани эсланг: донлар сони ва сифати бир хил буғдойни бир хил идишдаги бир хил сувга солиб ундириш учун қўядилар. Бирига ҳар куни илиқ ва эзгу сўзлар, бошқасига эса қўпол ва ёмон сўзларни айтиб, «муолажа» ўтказиб турилади. Буни қарангки, эзгу сўзлар билан «тўйинган» сувдаги буғдой униб, ям-яшил ниҳоллар пайдо қилади. Фақат ҳақорат эшитган сувдаги буғдойлар эса ириб кетади… Олимлар мўъжизавий хилқатнинг ахборотни тўғридан-тўғри қабул қилиши ва унинг салбий ёки ижобийлигига кўра ҳаётий хусусиятларини намоён этишини яна бир карра ажойиб тарзда исботладилар! Ана шундай нодир ҳодисадир сув.Шукурки, биз Ер сайёрасидаги ичимлик сувига энг ёлчиган халқлардан биримиз. Диёримиз таърифи «жаннатмонанд» деган сўз билан уйғунлашиб кетгани ҳам, аввало, зилол дарё-ю кўлларимиз, ноёб сув заҳираларимиз туфайлидир. Биздан фақат уни эҳтиёт қилиш, тежаш лозим, холос.Дўстим, сувга эъзоз кўрсатинг, токи шу эзгу ишингиз унинг ёдида қолсин ва ирмоқлардан дарёларга уланиб, бутун юртга ёйилсин. Қалбингизда азиз ва беназир неъматга буюк эҳтиром барқарор экан, дунёда эзгулик барҳаёт бўлгай.Гулчеҳра АСРОНОВАwww.manaviyat.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг