“Оқилон” жоме масжиди

0
324

Масжид 1989-йилда Оқилон маҳалласи фуқаролари томонидан ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 1992 йилдан масжид “Абу Бакр Сиддиқ” номида расмий фаолият бошлаган. 1998 йилга келиб, шу ном билан аталган бошқа масжид бўлганлиги учун маҳалла аҳлининг ташаббуси билан масжидга мазкур маҳалла номи яъни “Оқилон” деб ном берилган.Бу маҳалланинг ушбу ном билан номланишига Шайх Зайниддин бобо ҳазратларининг бу жойга келиб яшаб, шу жойдан уйланиб, яшаб ижод қилиб қолганликларини тарихчилар келтирганлар. Шайх Зайниддин бобо 1164 йилда Боғдод шаҳрида туғилган. Шайх Зайниддиннинг оталари – Шайх Шаҳобиддин Абу Хафс Умар Сухравардийдир. У киши атоқли олим ва жамоат арбоби бўлиб, “сухравардийя” тасаввуф тариқатини яратганлар. “Аворуф-ул-маориф” номли машҳур китобнинг муаллифи. Бу китоб араб, форс, ингилиз, немис ва бошқа тилларда кўп марталаб нашр этилган.Ривоят қилинишича, Шайх Зайниддин бобо ёшлигида ўз отаси Шайх Шаҳобиддиннинг кўрсатмасига кўра Боғдоддан Тошкентга келиб, Кўкча мавзесидаги эски қабристон ёнида мавжуд бўлган “чиллахона”га  жойлашади ва шу ерда яшай бошлайди. Ул зот ўз замонасининг билимдон кишиларидан бўлиб, сухравардия тариқатининг солиҳларидан эди. Бинобарин, Тошкент аҳлига тасаввуф илмидан ваъзлар ўқиб марифатдан сабоқ беради. Шайх Зайниддин бобо чиллахонада яшай бошлагач, аста-секин унинг атрофига одамлар кўчиб келиб маскан қурадилар. У киши шу ерлик Дарё Дилкабеч номли қизга уйланиб, аёллари ҳам авлодлари ҳам оқила бўлиб ўша вақтнинг инсонларини ичида оқила, доно бўлганлиги учун ҳам маҳалланинг номи “Оқилон” (ақллилар, донолар) деган ном билан номланиб қолган деб тарихчилар зикр қилганлар. Шайх Зайниддин бобо бир неча йиллар ўтгач, Шайх Зайниддин бобонинг зурриётидан тарқаган авлод ҳамда кўчиб келган ихлосмандлар жамоасининг нуфузи орта бориб, қабристон ёнида бир қишлоқ (XII-аср) вужудга келди. Мазкур қишлоқнинг номини Шайх Зайниддин бобога нисбат бериб, “Қуйи орифон”, “Орифлар” қишлоғи – деб атай бошлайдилар.Шайх Зайниддин бобо табаррук 95 ёшга етиб, 1259 йили вафот этади. Ул зотнинг вафотларидан сўнг, унга эҳтиром билан қараган маҳалла аҳли шу ерга мақбара қурганлар.Шунингдек, қуйидаги маълумотни ҳам тарих китобларида олимлар келтирганлар.Оқилон – Кўкча, Жарариқ, Дарвози маҳаллалари, ҳамда Бўзсув канали билан чегарадош бўлган. VIII асрнинг бошларида Шошни фатҳ қилишда қатнашган Қутайба ибн Абу Муслим сафдошларининг бир қисми, яъни оқил кишилар ҳозирги “Оқилон” деб аталувчи жойни ўзларига маскан қилиб оладилар. Маҳалланинг “Оқилон”, яъни “оқиллар маскани” деб  аталишининг боиси шундан деган ривоятни ҳам зикр қилганлар. Ўша вақтда “Оқилон” маҳалласи Шош шаҳарнинг мудофаа деворидан ташқарида жойлашган, бироқ аҳолининг бир қисми муқим яшаган, шунинг учун “Оқилон” рўйхатларга, тарихда, ҳам маҳалла, ҳам мавзе сифатида киритилган.“Оқилон” жоме масжиди ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг ташаббуси ва ҳашар йўли билан 2007 йил ва 2009 йилларда қайта таъмирланган. Масжиднинг кўриниши миллий анъаналаримиз руҳида, намозхонларга яратилган қулайликлари билан намозхонларни ҳамда маҳаллага келувчи меҳмонларда ажойиб мазмунли хотира қолдиради.

Имом-хатиб- Аҳроров Исомиддин Исмоилович

Имом ноиби – Бойхонов Обиджон Исмоилович

Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарбоза кўчаси 27-уй. Тел.: +998 71 242 50 63

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг