“Қўйлиқ ота” жоме масжиди

0
380

Масжид 1989 йилда Қўйлиқ ота маҳалла фаоллари – Маҳмудов Тожибой, Каримбоев Зокиржон, Мадгазиев Хусанхон, Эрматов Бозорбойлар бошчилигида ҳашар йўли билан қурилган. Қўйлиқ даҳаси тарихи хусусида бир қанча маълумотлар мавжуд. Жумладан, Тошкент Қўқон хонлиги тасарруфида бўлган даврда хон Тошкентга ташриф буюрганида шаҳар ҳокими (бекларбеги) қозикалон ва бошқа аёнлар аҳолини ўша ерга йиғиб хонни тантана билан кутиб олардилар. Қўқондан бошланувчи йўл Қўйлиқ кўпригигача, Қўйлиқ кўпригидан бошланган Фарғона йўли кўчаси шаҳарнинг Қўқон дарвозасига келиб туташган. Қўйлиқ атамаси хусусида турли фикрлар юради. Булар:

-Мўғул саркадаларидан бирининг исми Қўйлиқ бўлган. Тошкент унинг назоратида бўлган;

-Қўйлиқ-қўйилиқ яъни пастлик сўзининг ўзгарган кўриниши;

-Бу ерлар қўй – қўзиларга сероб жой бўлган. Қўйлиқ бозорида қўй-қўзилар сотилган.

-Қўйлиқда масжид қурдириб имомлик қилган Ҳофиз Шайх Қўйлиқий яъни Қўйлиқ ота номи билан боғлиқ деган фикрлар ҳам бор.

Тарихдан маълумки, 92 бошли ўзбек қабилалари таркибида Кўкчулак, Қўйли каби бирқанча уруғларни бирлаштирган Дўрмон қабиласи бўлган. Қабиланинг Қўйли уруғи  ХV асрда Дашти қипчоқдан кўчиб келиб, шу ҳудудда ўрнашиб қолган. Жой номи шундан десак хақиқатга яқинроқ бўлади. Ҳофиз Қўйлиқийни эса Қўйлиқлик деб тушунмоқ керак. Қўйлиқ отанинг асл исмлари Ҳофиз шайх Қўйлиқий бўлиб, самарқандлик ҳазрати Нўғай ота авлодларидан, яъни азиз шайхлар сулоласидандир. У киши амир Имомқули Баҳодирхон даврида Самарқандда аълам (имомларнинг имоми) бўлган олим шайхнинг она томонидан Тошкентдаги бобоси эдилар. Оналари қадимги Бонукент (Нўғойқишлоқ ҳозирги Ўзгариш) қишлоғига келин бўлиб тушганлар, ислом дини илмидан анча хабардор бўлганлар. Оталари, оналари ва Нўғойқўрғондаги боболаридан тасаввуф султони Ҳожа Аҳмад Яссавий тариқатига оид «Жаҳрияйи Яссавий»ни ўрганган Ҳофиз Шайх Қўйлиқдаги масжидда имомлик қилиш билан бирга ўзи қурдирган хонақоҳда зикр тушиш, иймон ва эътиқодга оид мавзуларда суҳбатлар ўтказиш билан бирга машшоқлар ва ҳофизлар иштирокида Қуръон оятлари ҳамда Аҳмад Яссавий ҳикматларини куйга солиб, қўшиқ айтдирганлар. Айниқса, ўша даврдаги Қуръон суралари ва оятларини баъзи юзаки шарҳловчиларга нисбатан чориёрлар улуғлигини исботловчи далиллар билан ул зот Қўйлиқий тахаллуси билан рисолалар ёзганлар. Қўйлиқ ота  таҳминан 1564 (ҳижрий 983) йили вафот этади ва бозор ёнидаги қабристонга қўйилади. У кишининг набираси Олим Шайх Азизон қариндошлари билан биргаликда Қўйлиқ ота қабри устига мўъжазгина мақбара қуришади.Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Қўйлик ота мақбараси бузилиб кетар ҳолга келади, сув остида қолиш хавфи туғилади. Шунингдек дарё устига Янги кўприк қурилиб, Фарғона йўлини унга тўғирлаш зарур бўлади. Шунда Куйлиқ отанинг ҳокини бошқа жойга, ҳозирги ўрнига кўчиришади ва унинг устидаги мақбара эса 1994 йилда махсус лойиҳа асосида қурилди.

Имом-хатиб – Раимқулов Равшанбой Раимқулович

Имом ноиби – Элмуродов Қилич Улуғмуродович

Имом ноиби – Каримов Йўлдошали Солижонович

Имом ноиби – Ҳайдаров Мерожиддин Умарқулович

Манзил: Миробод тумани, Қўйлиқ ота маҳалласи, Истиқбол 4-тор кўчаси, 2-уй. Телефон: +998 71 295 86 83.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг