Нафс тарбияси – мўминнинг хос фазилати

0
272

 Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиши, Ўзига ибодат қилиши, инсонлар учун манфаатлик бўлишига чорлагандир. Инсон бу мақомга эришимоқлиги учун нафсини тарбия қилмоқлиги, ахлоқини сайқалламоқлиги лозим бўлади. Тарихдан маълумки, ҳар бир дин моҳиятида нафс тарбияси, инсон ахлоқини яхшилаши муҳим ўрин тутгандир. Нафс тарбияси бўйича Аллоҳ таоло “Ҳашр” сурасида шундай деган: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ.Яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” деб марҳамат қилган.Нафс инсон учун душманларининг ичида энг ёмони шайтон бўлса, инсоннинг нафси ундан ҳам ёмонроқ душмандир.Шайтон инсонни нафсини ўзига қарши қурол қилиб, Аллоҳ таолонинг йўлидан адаштиришга, гуноҳ содир этишига, дунёсини ҳам оҳиратини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Инсон бундан огоҳ бўлиб, охирати учун нимани тайёрлаётганига эътибор бериши учун Аллоҳ таоло огоҳлантирмоқда. Муфассирлар мазкур оятни инсон учун “танбеҳ” (огоҳлантириш) ояти эканини зикр қилганлар. Инсон дунёда қилиб турган фаолияти учун қиёматда жавоб беришини билган кимса, доимо яхшилик сари ҳаракат қилади ва ўзгаларни ҳам унга ундайди.Шу боисдан ҳам нафс тубанликнинг боши, разолат, жаҳолат, гуноҳларни туғилишига сабаб бўлгувчи омилдир. Нафсининг ҳою ҳавасларига эргашувчи, нафсига қул бўлувчи кимса Аллоҳ таолонинг раҳматидан, дунё ва охиратидаги яхши манзил ва мақомидан айрилган бўлади. Бугунги кунда нафсини қули бўлган кишилар, тубанлик гирдобига гирифтор бўлмоқдалар. Турли фитналарга, ғаламиз кимсалар, тўдалар, гуруҳлар, замонавий фирқалар, алдовларга, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллатли разолатларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Инсон дунёси ва охирати учун ўзига зарарли бўлган қабоҳат, разолат, жаҳолатдан огоҳ бўлмоқлиги учун кишидан илм, маърифат, тафаккур талаб этилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу борада: “Бир соатлик тафакур бир йиллик (нафл) ибодатдан яхшироқдир”,- деб, ўз умматларини бу ибратлик дунёдан нафсини тарбиялаб, тафаккур ва тадаббур ила ҳаёт кечиришга чоралаганлар.Нафс тарбия қилинмаса, кишилар ахлоқи яхши бўлмаса, насиҳатлардан манфаат бўлмайди. Чунки яхшиликлар, тараққиёт, маърифатнинг тарқалишида инсон нафси, ахлоқининг яхшилиги муҳим ўрин тутади. Нафси, ахлоқи тарбия топган инсонлар яшайдиган оилада, жамиятда, эл-юртда доимо ободончилик, ривожланишлар бўлади. Нафсига қул бўлган, тафаккур қилмаган, илм ўрганмаган кимсалар яшайдиган эл-юртда доимо тафриқалар, зиддиятлар, ноҳақ қон тўкилишлар, ахлоқий ва маънавий бузуқликлар келиб чиқади. Натижада Аллоҳ таолонинг балолари ёғилади.Сулайман (а.с.): “Менинг наздимда, нафсини синдириб, уни тарбия қилган киши,  ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кўра яхшироқдир” деганлар. Кишилик жамиятини обод бўлиши ва унинг тараққиёти учун кишилар нафсини тарбия қилмоқлиги фазилатли амаллардан ҳисобланади.Ҳазрати Али (р.а.): “Мен билан нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон бир тарафдан сурувни тўплайди, иккинчи тарафдан сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини тарбиялаб, уни истакларидан тия олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбидаги илоҳий ва инсоний туйғуларни қатл этса (нафсини қули бўлса, ҳою-ҳавасига учса) лаънат кафанига тиқилади ва азоб тупроғига дафн этилади” деган ибртали сўзлари нафсни тарбия қилиш қанчалик муҳим ва зарур амаллардан эканини билсак бўлади.Адо этаётган ибодатларим, эҳсонларим қабул бўлсин, Яратганнинг розилигига эришай деган киши, нафсини тарбия қилмоғи ва ахлоқини яхшиламоғи, бу борада доимо ҳаракатда бўлмоғи лозим. عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنهما عن النبى صلي الله عليه و سلم قال: "خياركم احاسنكم اخلاقا" (رواه البخاري و مسلم و الترمذي)   .Яъни: Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) ривоят қилади: Набий (с.а.в.) марҳамат қилдилар. “Яхшиларингиз чиройли  хулқлилигингиздир” деганлар. (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизийлар ривояти).Мазкур Ҳадиси шарифдан англанадики, кишининг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳамда кишилик жамиятидаги манзили ва мақомини кўрсатадиган, белгилайдиган нарса бу унинг чиройли ахлоқли бўлиши экан. عن ابي هريرة رضي الله عنه قال: سئل رسول الله صلي الله عليه و سلم عن أكثر ما يدخل الناس الجنة، فقال: "تقوى الله و حسن الخلق". و سئل عن أكثر ما يدخل الناس النار فقال: "الفم و الفرج" (رواه الترمذي). Яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Шунда У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” деб айтдилар. У Зотдан яна: “Одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди”. Шунда У Зот: “Оғиз ва фарж” деб марҳамат қилдилар. (Имом Термизий ривояти).Инсон ўзини гуноҳлардан тийса, нафсига қул бўлмаса, оғзидан фахш сўзлар чиқмаса, гуноҳ содир этмаса дунёси ва охиратини обод бўлишидан умид қилсин ва шуни ҳаракатида бўлсин.Хотам Асом нафс тарбияси ҳақида: “Нафсим итимдир (қулимдир), илмим қуролимдир, гуноҳим умидсизлигимдир, шайтон эса, душманимдир, нафсимга асло итоат этмайман, уни тепкилаб ҳайдайман” деб, ўз даврининг кишиларини доимо нафс тарбияси билан машғул бўлмоқлик, нафс поклигига эътибор қаратиш лозимлигини уқтирганлар.Аллоҳ таоло “Шамс” сурасида шундай деган: وَنَفْسٍ وَمَا سَوَّاهَا . فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا. قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا. وَقَدْ خَابَ مَنْ دَسَّاهَا.                                                                                                       Яъни: “Нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар, (инсонлар) билан. Дарвове, унга (нафсга) фисқу-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган. (мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур. Ва уни (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (7-10 оятлари).Нафсини поклаган, яратганнинг буйруқларини бажаришга сафарбар этган инсон охиратда катта ютуқларга эришади. Нафсини тарбия қилиш орқали охиратда катта оловларга кириб кетишидан, ашаддий азобга қолишликдан, дунёдаги куфрдан, фитналардан, ширкдан, турли низолардан, гуноҳлардан сақланишига эришади. Бу билан яратган Роббини розилиги ва Пайғамбаримиз сарвари коинот Набий алайҳиссаломнинг шафоатларига муваффақ бўлади.Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Энг катта жиҳод нафс тарбияси учун қилинадиган жиҳоддир” деб марҳмат қилганлар. Саҳобалар жиҳоддан қайтганларидан кейин биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик деб нафс тарбияси билан шуғулланишга алоҳида эътибор берганлар.Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нафс тарбияси ва ахлоқни сайқаллаш борасида ўзлари қиёматгача келадиган башариятга ўрнак ва намуна бўлганлар. Ўзлари бу борада керакли тавсиялар ва кўрсатмаларни берганлар. Дуо қилганларида нафсни тарбиялаш учун ҳам алоҳида дуо қилганлар. Жумладан:اللهم آت نفوسنا تقواها و زكها أنت خير من زكها أنت وليها و مولها (رواه مسلم)Яъни: “Эй Аллоҳим! Нафсларимизга тақво бер ва уларни пок қил! Сен нафсларни пок қилувчиларнинг энг яхшиси ва унга дўст ва соҳибсан” деб дуо қилганлар. (Имом Муслим ривояти).Ушбу ўринда Ахмад Яссавий ҳазратларининг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш ўринлидир.“Нафсим мени йўлдан уриб ҳор айлади,Термултириб халойиққа зор айлади”, Шайхонтоҳур тумани “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин АХРОРОВ 

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг