“Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди

0
311

1993 йилда туман хокимлигининг қарори билан масжид учун ер ажратилган. 1994-йилда Тузел маҳалласи фуқаролари томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Дастлаб масжид диёримиздан етишиб чиққан уламолардан бири дин ва жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний (1885-1976) номи билан юритилган. Кейинчалик, 1998-йилдан масжидга буюк саҳобий ислом оламида “Хулафои Рошидин” (Тўғри йўлдан борувчи халифалар) номи билан машҳур бўлган одил халифаларнинг тўртинчиси – Али ибн Абу Толиб (р.а.) номлари берилган.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каби Макканинг Қурайш қабиласи, ҳошимийлар уруғидан. Милодий 600 йили Маккада туғилганлар. Расули акрамни ҳимояга олган амакилари Абу Толибнинг ўғиллари. Оналари Фотима бинти Асад. Абу Толибнинг оиласи катта, шароити оғир бўлгани учун кичик ўғиллари Алий беш ёшидан Расулуллоҳнинг уйларида турди, у зотнинг тарбияларида бўлиб, ирфон хазиналаридан файз олди. Кейинчалик Пайғамбаримизнинг қизлари Фотимаи Заҳрога уйланиб, у зотга куёв бўлдилар. Сарвари коинотга пайғамбарлик келганида эркаклардан биринчи Абу Бакр Исломни қабул қилган бўлса, болалардан биринчи бўлиб ўн ёшли Алий мусулмонликни қабул қилди. Ҳазрати Алийнинг бутун ҳаётлари Расулуллоҳ алайҳиссалом билан ёнма-ён кечди. Ҳижрат асносида Пайғамбаримиз ҳимоялари учун ҳаётини хавф остига қўйиб, у зотга Қубода етиб олдилар. Ислом душманлари билан бўлган жангларнинг барчасида буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафот этганларида жасадларини ўзлари ювдилар. Ҳазрати Алий бирор марта бутга сиғинмаганлари ва жоҳилият ифлосликларидан узоқда бўлганлари учун «каррамаллоҳу важҳаҳу» (Аллоҳ юзини мукаррам қилсин) деб сифатланганлар. Бу киши катта олим, Қуръони карим билимдони, фозил, сахий, юксак тақво соҳиби, Исломнинг машҳур нотиғи ва воизи эдилар. Расули акрамдан 586 та ҳадис ривоят қилганлар. Ашараи мубашшарадан ва Хулафои рошидиннинг тўртинчиси эдилар. Беш йил халифалик қилдилар. Умрлари охирида Куфада яшаб, ҳижрий 40 (милодий 661) йили ўн еттинчи рамазон куни хаворижлар юборган Абдураҳмон ибн Мулжам деган шахс томонидан ҳалок этилиб, шаҳид бўлдилар.Пайғамбар алайҳиссалом Алийни жуда яхши кўрганлар, иззат-эҳтиром кўрсатиб, ҳурматлаганлар. Бунга у зотдан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар гувоҳлик беради: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен кимнинг мавлоси (ҳомийси) бўлсам, Алий ҳам унинг мавлосидир», дедилар» (Имом Термизий ривояти); Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Алийни мунофиқ яхши кўрмайди. Уни мўмин ёмон кўрмайди», дер эдилар» (Имом Термизий ривояти);

Ҳижратнинг учинчи йили шаввол ойида Уҳуд жанги бўлди. Унда Аллоҳ таолонинг лашкарлари ўз динлари ва ватанларини ҳимоя қилиб, тоғутнинг лашкарлари устига шердек ташландилар. Аллоҳнинг лашкарлари орасида «шери Худо» лақабини олган ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фидокорликлари билан алоҳида ажралиб турар эдилар. Ҳазрати Алийнинг баҳодирлиги, шижоати ва душманга бўлган нафрати ибратга лойиқ эди. У киши кескир қиличларини ҳавода ўйнатиб, «Аллоҳу акбар!» деб, мушрикларнинг бошига тинмай ажал уруғини сочар эдилар. Жанг давомида мисли кўрилмаган қаҳрамонлик ва фидокорлик кўрсатиб урушаётган мусулмонларнинг байроқдори Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар. Ислом байроғи у кишининг қўлидан тушиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни чақириб, байроқни у кишига топширдилар. Ҳазрати Алий эса, бир қўллари билан Ислом байроғини, иккинчи қўллари билан машҳур зулфиқор қиличларини тутиб, мушрикларга қирон келтиришни давом эттирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки шуҳрат эгасини тақдирлаб: «Зулфиқордек қилич йўқ, Алийдек йигит йўқ», деганлар.

Зулҳижжа ойидан беш кун қолганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан қайтиб келдилар. Янги, ўн биринчи ҳижрий йилнинг биринчи ойи муҳаррам ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб, душанба куни у кишининг хасталиклари бошланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликларига қарашда эркаклардан ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бош-қош бўлиб турдилар. У зотнинг вафотлари, дафнлари ва бунга тегишли барча ишларда ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳу барча ишларни бошқардилар. Имом Ибн Можа, Ибн Саъд ва Табароний қилган ривоятнинг имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган матнида қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолганларида ҳузурларида Оиша ва Ҳафса бор эди. Бирдан Алий розияллоҳу анҳу кириб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўришлари билан бошларини кўтардилар ва: «Менга яқинроқ кел! Менга яқинроқ кел!» дедилар. У келиб, у зотни ўз кўксига суяди. Сўнгра вафот этгунларича у зотнинг олдиларида бўлди. Вафот этганларида эса у зотни ювиш, жанозаларини ўтказишга бош бўлди.Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрига қўйилганда Алий: «У зотга (жанозасига) биров имом бўлмайди. У зот тирикликларида ҳам, маййитликларида ҳам имомингиздир», деди. Одамлар тўп-тўп бўлиб кириб, саф-саф бўлиб туриб, жаноза ўқир эдилар. Уларнинг имоми йўқ эди. Алий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларида туриб олиб: «Ассалому алайка, айюҳаннабийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳим! Биз гувоҳлик берамиз. У зот ўзларига нозил бўлган нарсани етказдилар. Умматга насиҳат қилдилар. Аллоҳнинг йўлида то Аллоҳ динини азиз қилгунча ва калимасини олий қилгунча уруш қилдилар. Эй Аллоҳим! Бизни у зотга нозил бўлган нарсага эргашадиганлардан қилгин. У зотдан кейин бизни саботли қилгин. У зот билан бизни жам қилгин», дер эди. Одамлар «Омин!» дейишар эди. Шундай қилиб, у зотга эр кишилар, сўнгра аёллар, кейин болалар жаноза ўқидилар». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Алий ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум қабрга қўйганлар.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мусулмонлар оммаси Абу Бакр Сиддиқни халифа қилиб сайлаганларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам у кишига байъат қилдилар. У киши бу маънодаги баъзи тушунмовчиликлар ва хилофга сабаб бўладиган ҳолатларга ҳам қаттиқ қарши турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган мерос ҳақидаги биринчи халифа билан Фотима онамиз ораларида бўлиб ўтган тушунмовчиликда икки тарафни яраштиришга ҳам айнан ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаракат қилдилар.Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу биринчи халифа даврида иккинчи вазир бўлган бўлсалар, иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида халифага яна ҳам яқинроқ бўлдилар. Ҳеч бир шўро мажлиси у кишисиз ўтмас, халифа ҳам ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг фикрларини олмай туриб, бирор катта ишга қарор қилмас эди. Ҳазрати Умарнинг даврларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг бош қозиси ҳам эдилар. Ибн Саъд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб: «Алий ичимизда энг яхши қозидир», деди». Ибн Саъд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб Алий йўқ бўлган пайтдаги қийин масалада Аллоҳнинг паноҳини сўрар эди».

Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу дои­мо ҳақ йўлни ахтарар ва Аллоҳ таолонинг розилигини топадиган ишни қилишга ҳаракат қилар эдилар. Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қаёққа бурилсалар, ҳақ ҳам ўша ёққа бурилишини эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб, Аллоҳ таолодан сўраган эдилар.Ўша куни ҳазрати Алийни ўлдиришга қасд қилган хаворижлардан Абдурраҳмон ибн Мулжам иккита одами билан ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни намозга чиқадиган жойларида кутиб турди. Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу одатдагидек, одамларни бомдод намозига уйғотиб, ўзлари келавердилар. Абдурраҳмон ибн Мулжам пойлаб туриб, у кишининг қоқ пешоналарига қилич билан урди. Қон отилиб, ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг соқолларини бўяди. Одамлар қаттиқ яраланган ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйларига кўтариб олиб кетишди. У киши йўлда зўрға кўзларини очиб, ўзларини кўтариб кетаётганларга: «Намоздан кеч қолманглар», дедилар.Одамлар намозни ўқиб бўлиб, ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан хабар олиш учун югурдилар. Шу пайт қотилни ҳам ушлаб олиб келишди. Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важ­ҳаҳу кўзларини аранг очиб, қотил Абдурраҳмон ибн Мулжамни танидилар ва: «Сенмидинг? Сенга доим яхшилик қилган эдим-ку!» дедилар. Сўнгра ўғилларига, ўз одамларига назар солдилар. Уларнинг барчаси қотилни парчалаб ташлашга шайланиб турар эдилар. Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларга қараб: «Буни яхши жойга қўйинглар. Яхшилаб қаранг­лар. Агар яшаб кетсам, уни нима қилишни ўзим биламан. Қасос оламанми, афв қиламанми, бу менинг ишим. Агар ўладиган бўлсам, уни менинг ортимдан жўнатинглар. У билан Роббил оламийн­нинг ҳузурида хусуматлашаман. Мен учун бундан бошқани ўлдирманглар. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошганларни хуш кўрмас», дедилар.Амирул мўминин ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга жума куни бомдоддан олдин суиқасд қилинган бўлса, у киши шанба куни мағриб вақтида жон таслим қилдилар. Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бу дунёни тарк этганларида олтмиш уч ёшда эдилар. У кишининг халифалийклари уч ойи кам беш йил давом этди. Ибн Саъднинг таъкидлашларича, ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни ўғиллари Имом Ҳасан ва Ҳусайн ҳамда Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювганлар. Жанозаларини Имом Ҳасан ўқиганлар.

Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Куфадаги Дорул Хилофага дафн қилинганлар. У кишининг яқин кишилари жаноза маросимларини ва дафнларини хаворижлардан махфий тутиш учун яширин ҳолатда ўтказганлар. Шунинг учун ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг жанозалари ва дафнлари ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар кам. Аксинча, турли ишончсиз маълумотлар бисёр.

Имом-хатиб: Аллоёров Фазлиддин Толибович
Имом ноиби: Мирсодиқов Нуруллоҳ

МАНЗИЛ: Яшнобод тумани,  Ғалабанинг 40 – йиллиги Тузел маҳалла биринчи  мавзе, Чўлпон кўчаси 1-уй. Телефон: +998 71 294 43 99.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаётлари ҳақидаги маълумот www.siyrat.uz сайтидан олинди.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг