“Авайхон” жоме масжиди

0
508

Масжид 1940 йилда қурилган. 1990 йил ҳашар йўли орқали пахса девор билан кенгайтириб қайта қурилган. Масжид номининг тарихи хақида икки хил фикрлар бор:

Биринчиси, масжиднинг ёнгинасидан Қорасув канали оқиб ўтган. Мазкур ерлар қадимда қамишлар ўсиб ётган, тўқайзорлардан иборат бўлган. Шунинг учун шаҳардан бойлар, хонлар келиб бу ерларда ов қилишган. “Авайхон” номи “хонлар ов қиладиган жой” деган форсча сўзнинг бузилган шаклидир.

Иккинчиси, шу атрофда яшаган ва ҳудуд ободончилигига ўз ҳиссасини қўшган Авайхон исмли шахс бўлган. Шунинг учун маҳалла шу ном билан аталган. Кейинчалик маҳаллада масжид қурилган ва масжидга ҳам шу ном берилган.

2014 йилнинг июнь ойида маҳалла аҳли ҳамда бошқа кўнгиллилар биргалашиб масжидни қайта қуриш ишларини бошлаб юборишган ва бу эзгу ишлар ривожига Яратгандан барака сўраб Ўзбекистон мусулмонлари идараси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратлари масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб берган эдилар. Орадан бир йил ўтиб, масжиддда асосий қурилиш ишлари якунланиб, 6 ноябрь муборак жумъа куни жоме масжидда жумъа намози адо этилди.

Масжиднинг очилиш маросимида иштирок этган муфтий ҳазратлари масжид жамоаси, маҳалла аҳлини қайта қад кўтарган бундай файзли ибодат уйи билан муборакбод этиб, бугунги таҳликали даврда турли бузғунчи кучлар томонидан масжидлар, тарихий обидаларда қўпорувчилик ишлари содир бўлаётган бир пайтда Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинким Ўзи ато этаётган тинчлик, фаровонлик сабаб бугун юртимизда ибодат уйлари ана шундай қайта чирой очиб, обод бўлиб бораётганлигини таъкидладилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари, 500 нафар намозхонни сиғдира оладиган катта хонақонинг архитектураси ҳамда нозик дид билан тўшалган гиламларига юксак баҳо бердилар.

Имом-хатиб- Холиқов Алиқул Мардонович
Имом ноиби- Мирҳосилов Мирғиёс Мирзиёд ўғли
Имом ноиби- Менглибоев Гулбой Чориевич

Манзил: Мирзо Улуғбек тумани, Қорасувбўйи кўчаси 87а уй. Тел.: +998 71 265 66 26

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг