“Охунгузар” масжиди

0
456

Зарқайнар кўчасида жойлашган ушбу тарихий иншоот — Охунгузар (халқ тилида «Лайлакқўнди») деб аталган. Масжид қурилган пайтлар унинг катта гумбазига лайлаклар уя қуриб олгани сабабли маҳаллий аҳоли унга «Лайлакқўнди» деб ном берган, кейинчалик у “Лайлакли” номи билан юритилган. XIX аср охирида масжид «Охунгу­зар» номини олган. Масжид биноси 1775 йили тошкентлик усталар томонидан бунёд этилган экан. У шунингдек, намоз ўқиб, ибодат қилиш билан бирга, меҳмонлар учун карвонсарой вазифасини ҳам ўтаган. Масжиднинг умумий саҳни 13×26 метрни ташкил қилиб, шимолдан жанубга қаратиб қурилган. Таъмирлаш жараёнидаги қазиш ишлари натижасида сопол буюмлар — нақшлар билан безалган коса, лаган парчалари, археологик жиҳатдан эътиборга молик бўлган сув ўтказувчи бутун қувур топилди. Бу топилмалар ХVII-ХIХ асрларга оиддир. Шўролар даврида масжиддан жамғарма касса ва омборхона сифатида фойдаланилган. Бу даврда масжиднинг олдини тўсиб туриш мақсадида хўжалик моллари дўкони қурилган. Ёдгорлик зиёратчилар учун ёпиқ бўлган. Масжидда азон ўқиладиган минора (мезана) ҳам бўлган. Ночор ҳолатга келиб қолган масжид биносини тиклаш ниҳоятда мураккаб эди.

2005 йил июн ойининг охирида эса лойиҳа асосида таъмирлаш ишлари бошланди. Самарқанд ва Тошкентдан махсус таъмирчи усталар жалб қилинди. Республикамиз мустақиллигининг 14 йиллик байрами арафасида масжид пойтахтликлар кўз ўнгида тўлиқ таъмирланиб янги қиёфага кирди. Унинг ёнида барпо этилган саккиз устунли ўймакорли ёғоч айвон ҳам бино ҳуснига ҳусн қўшди. Ҳозирги кунда Эскишаҳарга ўзгача руҳ бағишлаётган ушбу та­рихий бино ўтмишнинг яна бир ёдгорлиги сифатида узоқ йиллар кўрк қўшиб туришига шубҳа йўқ.

Имом-хатиб- Жабборов Музаффар Аширович

Имом ноиби- Исмоилов Дилшод Рафаилович

Манзил: Олмазор тумани, Олмазор кўчаси, 19-уй. Телефон: +998 71 240 32 19.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг