“Масжидус салом” масжиди

0
255

Масжид XIX аср бошларида қурилган бўлиб, бир неча бор вайрон қилинган ва 1990 йилга қадар давлат томонидан турли мақсадларда фойдаланиб келинган. Халқ орасида бу масжид XX аср бошларида шу ерда имомлик вазифасини адо этган Саиджалолхон домла масжидлари деб ҳам юритилар эди. Масжид  собиқ Шўролар ҳукумати даврида ниҳоятда аянчли аҳволга олиб келиб қўйилган эди. Даҳрийлик йилларида масжидни 1926 йил намозхонлардан тортиб олиниб, шу йили Ш.К.М. (“Школа Коммунистической Молодёжи” яъни “Ёш Коммунистлар мактаби”) мактабига айлантирилди. Бу муассаса 3-4 йил ишлаб турган ва ундан сўнг бир неча вақт турли мақсадларда фойдаланилган.

XX асрнинг 30-йилларида Волга бўйидаги очарчиликдан қочиб келган бир неча рус оилалари масжид биносига жойлаштирилган ва улар 1940 йил бу ерда чойхона ташкил этилгунга қадар яшаб келганлар. Бу ерда 1941 йилдан чойхона билан бирга шиша идишлар ишлаб чиқарувчи артель ташкил қилинган. Бу артель 1946 йили тугатилиб шу йили масжид биноси Тошкент Маданият ва Оқартув техникуми ихтиёрига берилиб ва бир қисми рақс машғулотлари хонасига айлантирилган. Масжид биноси 1966 йили зилзила асоратидан қаттиқ шикастланди ва шундан сўнг бу ердаги ташкилот кўчиб кетди ва масжид мутлақо қаровсиз қолди.

1971 йилдан масжид давлат тарих музейи омборхонасига айлантирилди. Қарийб 20 йил мобайнида бирор маротаба жиддий таъмирланмади. Ўтган асрнинг охирларида халқимиз ўз қадр қиймати ва маданиятини кўтариш даврида, яъни 1990 йили маҳалла аҳлларидан бўлган бир қанча отахонлар, зиёлилар ва ёшлар ташаббуси билан давлат идораларига мурожаат этилиб қаровсиз қолган масжид биноси намозхонларга берилишини талаб қилиб чиқдилар. Ушбу масжид ховлисида 1990 йили ёзда маҳалланинг бўлиб ўтган мажлиси қарори билан масжидни тиклаш ва таъмирлаш тўғрисида иш режалари тузилиб, бир қанча тадбирлар белгилаб олинди. Яхши ниятлар билан масжидга “Салом”, яъни тинчлик, саломатлик номи берилди.

Илк бор масжидни капитал таъмирлаш ишлари маҳалла оқсоқол отахонлари фотиҳалари билан 1990 йил 5 сентябрда бошлаб юборилди. Бу ишлар барчаси ҳашар йўли билан ташкил этилди. Шу йили масжид биносини асосий деворлари кайтадан тикланди, томи янгидан беркитилди. Масжид биносининг ички безаклари ганч, ўймакор нақшллар билан безатилди, чироқ ёритгичлар ўрнатилиб, замон талабига жавоб берадиган ҳолдаги иситгич қурилмалари билан таъминланди. Масжидни таъмирлаш вақтида асосий хонақонинг ўнг тарафида шифт яқинида эски ўзбек ёзуви билан битилган китоба-лавҳа чиқиб унда масжидни қурган усталар Мирзаахмад ва Қурбонали исмлари билан сана 1239 хижрий йил битилган эди. Бу сана мелодий йил ҳисобига кўра 1824 йилга тўгри келади. Масжиднинг асосий биносига кейинроқ айвон қурилган бўлиб, унинг қурилиш тарихи ва санаси хам аниқ кўрсатилган. Бу сана 1313 ҳижрий йил яъни 1895 мелодий йилдир. Ушбу айвон пештоқлари эса нақшинкор безаклар билан бирга Қуръон оятлари битилган эди. Бу битиклар таъмирлаш вақтида сақланиб қолинмаган. Бундан ташқари масжиднинг баланд пештоқли дарвозахонаси ўймакорлик билан безатилган икки табақалик мис халқалик ёғоч дарвозалар ҳам бўлган. Мана шу дарвозалардан сал нарида унча баланд бўлмаган (тахминан 8-9м) азон айтиладиган олти деразалик мезанаси ҳам бўлган. Бу мезана дарвозахона билан бирга 1920 йилда бузиб олиб кетилган.

Имом-хатиб – Камолов Музаффар Собирович

Имом ноиби – Эргашев Нурулло Ҳикматуллаевич

Манзил: Олмазор тумани, Зарқайнар кўча 74-уй.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг