“Ҳазрати Умар” жоме масжиди

0
325

Масжиднинг қурилган вақти 1994-1995 йиллар орасида. Масжид Учтепа тумани Шарқ юлдузи маҳалласининг фуқаролари маблағлари эвазига ҳашар йўли билан курилган. Масжид ўз фаолиятини 1996 йил октябр ойидан бошлаган. Ўзбекистон мусулмонлар идораси тавсиясига биноан масжидга буюк саҳобий, ислом оламидаги одил халифа, ҳалоллиги ва ҳақиқатгўйлиги ила ислом умматининг кўнглини забт этган Хазрати Умар (р.а.) номи берилган.

Уламолар Хазрати Умар (р.а.) сийратларини қуйидагича таълиф қилади: Унинг мақоми: “Набий (алайҳиссалом) айтадилар: “Ҳақ Умарнинг тили ва қалбида юради. У “Форуқ” бўлиб, Аллоҳ у орқали ҳақ билан ботилнинг орасини ажратади”.

Кунларнинг бирида Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) дўстлари билан ўтирган эди. У барча мўминларнинг амири эди. Уларнинг орасида Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) “Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) сирларини сақловчиси” бор бўлиб, Набий (алайҳиссалом) ҳаётлик чоғларида унга ердаги, ҳаттоки Қиёмат кунининг фитналарини ҳам айтардилар. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Эй Ҳузайфа, бизларга фитналар ҳақида айтиб бер”, деди. Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу): Фитна бу кишининг ўз уйида, оиласида ва молидаги фитнадир. Буларни садақа, умра ва дуо каффорат қилади”, деб турган вақтида Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) уни тўхтатди ва: “Эй Ҳузайфа, мен сендан бу каби фитналар ҳақида сўрамаяпман. Балки сендан тун зулматидек умматни қамраб оладиган фитна ҳақида сўряпман?”, деди. Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу): “Сизга нима қизиғи бор? У фитналар билан сизнинг ўртангизда ёпиқ эшик бор”, деди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Эй Ҳузайфа, эшик очиладими ёки синадими?” деб сўради. Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу): “Синади”, деди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Ундай бўлса, бундан сўнг ўз жойига ҳаргиз қайтмас экан-да”, деди ва йиғлашга тушди. У ерда ҳозир бўлганларнинг ҳеч бири эшик ва унинг синиши нима эканини тушунмадилар ва: “Нима бу, эй Ҳузайфа?” деб сўрадилар. Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу): “Бу Умардир. У ўлгач, эшик фитналар учун очилади ва то Қиёмат кунига қадар ёпилмайди”, деди. Умар бутун умматни фитнадан ҳимоя қилиб келарди. Ҳатто у вафот этганда саҳобалар ва мусулмонлар орасида: “Умар мусулмонлардан фитнани тўсиб турувчи эди”, деган гап тарқалиб кетади.

Вафот этган куни бир аёл: “Умар фитнага эшик очди, энди у то Қиёмат кунига қадар ёпилмас” деган.Кунларнинг бирида Қурайш аёллари Набийнинг (алайҳиссалом) ҳузурларида динни ўрганаётган эдилар. Гаплашаётган вақтларида овозларини Набийнинг (алайҳиссалом) овозларидан қаттиқроқ кўтарар эдилар. Шу пайт ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) эшик тақиллатиб қолди. Унинг овозини эшитишлари билан аёлларнинг нафаслари ичларига тушиб, қўрқиб кетдилар. Набий (алайҳиссалом) эса кулиб юбордилар. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ичкарига кирганда унга: “Биласанми эй Умар, анави аёллар менинг ҳузуримда гаплашиб ўтириб, овозларини меникидан баланд кўтараётган эдилар. Сен келишинг билан жим бўлиб қолдилар, нафаслари ичига тушиб кетди”, дедилар. Шунда Умар: “Эй Аллоҳнинг расули, сиздан қўрқишларига ҳақлироқсиз”, деди ва сўзини аёлларга буриб: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан қўрқасизлар-у, Аллоҳнинг расулидан қўрқмайсизларми?” деди. Аёллар унга жавобан: “Сен Расулуллоҳдан кўра қўполроқсан”, дедилар. Набий (алайҳиссалом) кулиб юбордилар ва: “Биласанми эй Умар, агар шайтон сенга йўлда дуч келиб қолса, ўзига бошқа йўл топиб кетади”, дедилар.

Яна бир риовятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тушимда мени торозунинг бир палласига, умматим эса иккинчи паллага қўйилди. Бас, мен оғир келдим. Сўнгра Абу Бакр бир паллага ва уммат бир паллага қўйилди. Абу Бакр оғир келди. Сўнг Умар бир паллага ва уммат иккинчи паллага қўйилганди Умар оғир келди”, дея марҳамат қиладилар.

Имом-хатиб- Шерматов Ҳусанбой Абдурашидович
Имом ноиби- Азимбоев Валихон Зоҳидхонович
Имом ноиби- Мамадалиев Фазлиддин Мамасобирович

Манзил: М.Уйғур кўча, 556а-уй. Мўлжал:”Чароғон” ресторани қаршисида.  Тел.:+998 71 228 50 36

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг